Ortga qaytmoq Chop etmoq

МАЪМУРИЙ СУДГА АРИЗА БЕРИШ ТАРТИБИ

Ҳар қандай манфаатдор шахc сўзининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун маъмурий судга (судга) мурожаат қилишга ҳақли (МСИЮтК 4-моддаси).
Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 128-моддасида маъмурий судга тақдим этиладиган аризанинг (шикоятнинг) шакливамазмуни қандай бўлиши кераклиги кўрсатиб ўтилган. Жумладан, ариза (шикоят) судга ёзма шаклда берилиши, ариза аризачи ёки унинг вакили томонидан имзоланиши лозим. Аризада ариза берилаётган суднинг номи, ишда иштирок этувчи шахсларнинг номи (фамилияси, исми ва отасининг исми), жойлашган ери (почта манзили) ёки яшаш жойи, арз қилинган талабларга асос бўлган ҳолатлар, арз қилинган талабларнинг асосларини тасдиқловчи далиллар, аризачининг қонун ҳужжатларига асослаб келтирган талаблари, аризага илова қилинаётган ҳужжатларнинг рўйхати кўрсатилиши керак. Аризада аризачининг ёки унинг вакилининг телефонлари, факслари рақамлари, электрон манзили кўрсатилиши мумкин. 

Аризада, агар низони тўғри ҳал қилиш учун зарур бўлса, бошқа маълумотлар, шунингдек аризачидаги мавжуд бўлган илтимосномалар кўрсатилади. Аризачи ўзаро боғлиқ бўлган бир нечта талабни, агар улар маъмурий судга тааллуқли бўлса, битта аризага бирлаштиришга ҳақли.

Шунингдек, судга ариза берилаётган вақтда давлат божи ва почта харажатлари белгиланган тартибда ҳамда миқдорда тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилиши лозим (Қонун ҳужжатларига асосан давлат божи тўлашдан озод этиладиган ҳолатлар бундан мустасно).

Агар, ариза Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 128-моддасида белгиланган шакли ва мазмунига риоя қилинмаган ҳолда судга тақдим этилган бўлса, судья аризани ва унга илова қилинган ҳужжатларни аризачига қайтаради (МСИЮтК 134-моддаси 1-қисмининг 1-банди). 

Бекзод ХУРСАНОВ 

Жиззах вилоят маъмурий судининг судьяси