Одам савдоси ёки инсон савдоси бугунги кунда дунё бўйлаб халқаро миқёсда энг жиддий ижтимоий ва ҳуқуқий муаммолардан биридир. Бу ноқонуний фаолият асосан одамларни эксплуатация қилиш мақсадида уларни мажбурий меҳнат, жинсий эксплуатация ёки бошқа мақсадларда сотиш ва уларга зўравонлик кўрсатиш билан боғлиқ. Одам савдосининг тарқалиши глобал миқёсда катта хавф туғдиради, чунки у нафақат қурбонлар учун, балки жамиятлар, иқтисодиёт ва хавфсизлик учун ҳам жиддий оқибатларга олиб келади.
Ўзбекистон одам савдосига қарши курашишга оид қатор халқаро ҳужжатларни, жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши кураш тўғрисида”ги Конвенциясини, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ушбу Конвенциясини тўлдирувчи “Одам савдоси, айниқса, аёллар ва болалар савдосини олдини олиш ҳамда унга чек қўйиш ва унинг учун жазолаш ҳақида”ги Протоколни ратификация қилди, “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида” Қонун қабул қилинди ва халқаро ҳуқуқ нормаларини миллий қонунчиликка имплементация қилишга доир тегишли ўзгартиришлар киритди.
Ўзбекистон Республикасида энг олий қадрият инсон эканлиги, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа табиий ҳуқуқларини таъминлаш Конституция билан кафолатланиши белгилаб қўйилган.
Хусусан, қонунда одам савдоси учун жиноий жавобгарлик белгиланганлиги шахс эркинлигининг конституциявий кафолатларидан бири ҳисобланади.
Бундан ташқари, 2020 йил 17 августда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги қонунининг мақсади одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборатдир.
Мазкур Қонунда одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари одам савдосига қарши курашишга, шу жумладан одам савдосига имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш,одам савдосининг олдини олишга қаратилган ҳуқуқий, сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, тиббий, профилактика чора-тадбирларини, ахборотга оид чора-тадбирларни амалга ошириш, шу жумладан аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш,одам савдосини ўз вақтида аниқлаш ва унга чек қўйиш, унинг оқибатларини бартараф этиш, шунингдек одам савдоси билан шуғулланувчи шахслар жавобгарлигининг муқаррарлиги принципини таъминлаш, одам савдосидан жабрланганларни, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, шу жумладан ижтимоий ҳимоя қилиш, одам савдосига қарши курашиш соҳасида илмий-тадқиқот ишлари, конференциялар, семинар-тренинглар ва давра суҳбатлари ўтказишга доир фаолиятни, шунингдек ушбу соҳадаги фаолиятни амалга оширувчи давлат органлари ходимларини касбга тайёрлашга, қайта тайёрлашга ва уларнинг малакасини оширишга доир фаолиятни ривожлантириш ҳамда рағбатлантириш, одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги халқаро ҳамкорликдан иборат эканлиги қайд этилган.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги одам савдосига қарши курашишга доир фаолиятни бевосита амалга оширувчи давлат органлари ҳисобланади.
Одам савдосига қарши курашишга доир фаолиятни қонунчиликка мувофиқ бошқа давлат органлари ҳам амалга ошириши мумкин.
Қонунга мувофиқ, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётган шахсвақтинчалик бошпана, тиббий, психологик, ҳуқуқий ёрдам ва бошқа зарур ёрдам олиш, таржимон хизматларидан бепул фойдаланиш ҳуқуқига эга.
Одам савдосидан жабрланганларга ёрдам кўрсатиш ва уларни ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан одам савдосидан жабрланганларга ёрдам кўрсатиш ва уларни ҳимоя қилиш бўйича ихтисослаштирилган муассасалар ташкил этилади.
Одам савдосига қарши курашиш-бу нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг иши, балки бутун жамиятнинг масъулиятидир. Фақат биргаликда ва тизимли равишда ишлаш орқали бу каби жиноятчиликка қарши самарали кураш олиб бориш мумкин.
Одам савдосида гумон қилинаётган шахсларни топиш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорлик қилиш истагини билдирган одам савдосидан жабрланган шахсга “Жабрланувчиларни, гувоҳларни ва жиноят процессининг бошқа иштирокчиларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ хавфсизлик чоралари таъминланади.
О.Эргашев
Жиззах вилоят судининг иқтисодий
ишлар бўйича судьяси